Бухоро вилоят мусиқали драма театрида вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан Набижон Ҳошимов асари асосида “Разолат қурбонлари” асари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Нодира Мўминова томонидан саҳналаштирилди.
Ёшларимизнинг ҳар хил диний оқимлар таъсирига тушиб қолишларининг аянчли оқибатлари, нафс бандаларининг инсон тақдирига бўлган бефарқ муносабати,дунёдаги глобал муаммолардан бири бўлган диний экстеримизм ва терроризмга қарши кураш-тинчлигимизни асрашнинг энг тўғри йўли эканлиги спектаклнинг асосий мазмунини ташкил этади.
... Ёш эр-хотин Дилшод ва Наргиза осон пул топиш илинжида нотўғри йўлга кириб, аёлларни алдаб чет элга юборадилар. Чет элда бўлса қора ниятли кишилар аёлларни ҳижратга, тўғрироғи ўзини қурбон қилиб, одамлар тинчини бузишга, фикрларидан адашиб,зарарли ҳаракатлар қилишларига, бузғунчиликка тайёрлашади. Бундай аёллар орасида аслида ички ишлар ходимларига ёрдам бериш мақсадида кўнгилли бўлиб кетган Меҳри актриса Дилафрўз Кенжаева) жиноий гуруҳнинг раҳбари бўлган Амир Қосимхон (артист Содиқ Муродов) нинг эътиборига тушади.Чунки Меҳри унинг марҳума қизи Робияга бир томчи сувдек ўхшар эди. Амир Қосимхон Меҳрига ўз қизидек меҳрибонлик қилиб,ишонч билдиради.Бундан фойдаланган Меҳри эса ҳижратга деб она юртидан олиб кетилган адашиб бу йўлга кирган аёлларга ёрдам бера бошлайди.У асирликда азоб чекаётган Саломат исмли аёлни жиноий гуруҳ қўлидан қочиб, юртга қайтишига кўмаклашади.
Аммо тез орада Меҳрининг қилган ишлари ошкор бўлади.Шундан кейин террористлар уни ўлимга ҳукм этадилар.Меҳри бўлса хийла ишлатиб, ўлимдан қутулибгина қолмай, босқинчилар қўлидаги юртдош аёлларни ҳам озод қилишга эришади. Ва қўлидаги бомба билан жиноий гуруҳдагиларнинг ҳаммасини бир лаҳзада портлатиб юборади...
Спектаклда Ўзбекистон Халқ артисти Шамсиддин Йўлиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ҳошимова, Нафиса Саидова, Илҳом Тоиров, Фахриддин Шомуродов, Баҳодир Болтаев, Азиз Бўронов, Зайниддин Каримов, Раҳимжон Эргашев, Муаззам Сафарова, Жамила Шодмонова, Мастура Икромова, Инобат Ҳамидова, Аллома Рўзиева ва бошқалар турли характердаги қаҳрамонларни талқин қилишди.Айни пайтда театрда спектакль намойиш этилмоқда.