Озарбайжон шоири ва драматурги Ҳусайн Жовид қаламига мансуб бўлган бу асарда ишқ билан бирга эътиқодлар ўртасидаги жанг тасвирланади. Шайх Санъон ўз замонасининг пири муршиди эди. Илму ирфон, каромату кашфда ягона эди. Унинг камоли ҳақида сўз айтиш ортиқча, чунки Макканинг ўзида эллик йил шайхлик қилганди, тўрт юзта муриди бор эдики, ҳар бири тариқатда бир ёрқин сиймо эди. Аммо ўзи ҳам, муридлари ҳам риёзат ва тоатдан тўхтамас эдилар, кеча-кундуз Аллоҳни ёд этиб яшардилар. Шайхнинг илми ва амали баробар бўлиб, яширин ва ошкора равишда ишора ва асрор кўрсатиб турарди. Эллик марта ҳаж қилганди, бундан ташқари умра ҳажини ҳам умр бўйи канда қилмади. Бирор суннатни тарк этмади ва намозу рўзани беҳад кўп адо этар эди. Барча пешволар бу пешво шайхни ўзларидан баланд ҳисоблардилар. Беморлар ва касалманд одамлар ундан шифо топарди. Хуллас, шодлигу ғамда халқ билан бирга ва мададкор эди у.
Даврининг ягонаси бўлган бу улуғ муршид бир кеча туш кўрди. Тушида кўрсаки, Румда сайр этиб юрган эмиш ва бир бут-санамга сажда қилаётган эмиш. Кўнгли бедорларнинг бедори, огоҳларнинг огоҳи бўлган бу улуғ шайх кўрган тушидан ғамгин бўлди.Бу туш кароматли бўлиб,кейинчалик шайх ҳақиқатан ҳам шунча йиллик ибодатини,қилган ҳажларини бир гўзалнинг васли йўлида фидо қилиб юборади.Тарсо қизининг буйруқларини бажариб,ўзи бу йўлда қилаётган хатоларини билиб турган Шайх Санъоннинг изтироблари оламни тутса-да,у ўзини ўзгартира олмайди.
Ишқ, муҳаббат азал-азалдан оламни, жумладан башарий жамиятни ҳаракатга келтирувчи беқиёс ва олижаноб куч ҳисобланади. Лекин буни ким қанча англайди-ю, ким унга қандай муносабатда бўлади? Ишқ-муҳаббатнинг яратувчанлик кучи ҳеч қачон нафсоний қарашлар ва муносабатлар билан келиша олмайди. Зеро, барча ижтимоий таназзуллар, инқирозлар, касофатлар ва ҳалокатларнинг бош сабаби нафс туғёнидир. Фақат Ишқ бундай салбий оқибатларга ғов бўла олади, барҳам бера олади. Аждодларимиз ишқ борасида илгари сурган ғоя ва фалсафанинг туб моҳияти ана шу зиддиятни англаб етиш ҳамда ёвуз нафснинг ботиний, зоҳирий туғёнларини заифлаштириш ва, алалоқибат, уни маҳв этишга қаратилади. Бунда Ошиқ образи ҳар доим диққат марказида бўлади ва мазкур ғоя унинг тимсоли орқали илгари сурилади. “Шайх Санъон” асари ана шу анъанавий мавзуда.
Бу янги саҳна асари янги йўналишда бўлгани ва кўп асрлик мавзуга тааллуқлиги сабаб ўз томошабинини топади,деб умид қиламиз.